Кўп қиррали алоқалар янада ривожланади

"XXI asr", 22.04.2010

- Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Аммо, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳар икки мамлакат имконияти даражасидан паст. Сизнингча, кўрсаткичларни оширишга нималар тўсиқ бўляпти?

- Германия ва Ўзбекистоннинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2009 йилда 350 миллион еврога етди. Шунинг учун давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш биз учун муҳим вазифа ҳисобланади. Буни амалга оширишда Германия ва Ўзбекистон фирмалари ўртасидаги ҳамкорлик доирасидаги ижобий ва амалий мисоллар ўз ҳиссасини қўшади. Ҳозирда Ўзбекистонда «Даймлер Бенц», «Сименс», «Кнауф», «Дойче кабел» ва «Виртген» каби жами 80 дан ортиқ немис фирма ва компаниялари муваффақият билан фаолият юритишмоқда. Март ойи охиридан бошлаб «Луфтганза» яна Мюнхендан Тошкентга қатнай бошлади. Бу компанияларнинг барчаси янги манфаатдор фирмаларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Германиянинг Ўзбекистонга йўналтирилган экспортининг 40 фоизи саноат учун зарур асбоб-ускуналардан иборат, қолган қисмини фармацевтика, оптика ва электротехника маҳсулотлари ҳамда маиший хизмат кўрсатиш соҳалари ташкил этади. Ўзбекистонда бир қатор немис-ўзбек қўшма корхоналари иш юритишмоқда. Масалан, ўтган йили Германиянинг „MAN“ автоконцерни ва Ўзбекистоннинг „Ўзавтосаноат„ компанияси ўртасида юк машиналари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона барпо этилди ва у Самарқанд шаҳрида ўз фаолиятини аллақачон бошлаб юборди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин ва биз ҳозирда уларнинг сонини кўпайтириш учун ҳаракат қилмоқдамиз.

- Ўзбек ва немис тадбиркорлари иштирокида бир неча учрашув, форум ва анжуманлар ўтказилган. Амалда бунинг самарасини кўряпсизми?

- Биз Ўзбекистонга ташрифи давомида ёки бу ерда ўтказилган тадбирлар доирасида кейинчалик аниқ шартномалар тузилишига олиб келган муҳим алоқалар ўрнатган германиялик фирмаларнинг аниқ мисоллари ҳақида қайта-қайта маълумотлар олиб турамиз. Мисол учун, охирги вақтда германиялик ишбилармонлар доираларининг Германия иқтисодиёти Шарқ қўмитасининг раиси раҳбарлигидаги делегацияси ўтган йилнинг ноябр ойида Тошкентга ташриф буюрди ва Ўзбекистон бозорининг имкониятлари ҳақидаги қизиқарли суҳбатлар ва маълумотлардан ижобий таассуротлар олди. Жорий йилнинг март ойи охирида Германия Федератив Республикаси Иқтисодиёт ва технологиялар вазирлиги раҳбарлигидаги яна бир делегация Тошкент, Навоий ва Бухоро шаҳарларига ташриф буюради.

Шу ўринда ижозатингиз билан Германия Иқтисодиёт ва технологиялар вазирлигининг топшириғи билан InWEnt ташкилоти томонидан муваффақиятли тарзда амалга оширилаётган ва менежер кадрлар малакасини оширишга қаратилган дастур ҳақида эслатиб ўтсам. Ушбу дастур немис ва ўзбек фирмалари ўртасида кўпқиррали алоқалар ўрнатилишига ва бу орқали катта ҳажмдаги буюртмалар берилишига олиб келмоқда.

- Жаҳон молиявий инқирози икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлигига қай даражада таъсир кўрсатди?

- Халқаро иқтисодий ва молиявий инқирозга қарамасдан, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш барқарор бўлиб қолди. Бу билан бизнинг савдо алоқаларимиз умумий ривожланишдан ижобий фарқ қилади.

Время и погода в Германии

Berlin:
10:10:01 12 °C
Deutscher Wetterdienst